
Оёқлардаги тортишишлар, яъни битта ёки бир қанча мушакларнинг ихтиёрсиз, бирданига қисқариши - варикоз касаллигининг энг кўп учрайдиган ва ноқулай белгиларидан биридир. Варикоз етишмовчилиги бўлган 288 бемор орасида ўтказилган тадқиқотга кўра, умумий аҳоли орасидаги 53% га нисбатан, беморларнинг 67 фоизида тунги тортишишлар кузатилган [1]. Улар айниқса болдир мушакларида тез-тез юзага келади ва тунда кучаяди.
Уларнинг юзага келиш механизмлари веноз оқимнинг бузилиши, қон тўпланиб қолиши, микроциркуляциянинг ёмонлашуви ва электролит мувозанатининг ўзгариши билан боғлиқ. Бундан ташқари, варикоз касаллиги билан оғриган беморларнинг мушакларида толалар дегенерацияси, фиброз ва митохондриал бузилишлар каби тузилмавий ўзгаришлар кузатилади [2].
2022 йилда эълон қилинган тадқиқот алоҳида эътиборга лойиқдир. Унда веноз етишмовчилик ва тунги тортишишлар ўртасидаги боғлиқлик ўрганилган: тунда томир тортишишидан азият чеккан беморларнинг 92 фоизида латерал тери ости веноз чигали соҳасида веноз етишмовчилик аниқланган. Ушбу патологияни даволашдан сўнг, беморларнинг 93 фоизида бу аломатлар 90 кун ичида йўқолган [3].
Варикозда тортишишларнинг олдини олиш
- Компрессион трикотаж. Тиббий компрессион пайпоқларни кийиш веноз оқимни сезиларли даражада яхшилайди ва қон тўпланиб қолишининг олдини олади. Бу нафақат даволашда, балки тортишишларнинг олдини олишда ҳам самарали воситадир [4].
- Микроэлементлар танқислигини бартараф этиш. Магний, калий ва кальций етишмаслиги мушак спазмларининг ривожланишига олиб келади. Уларни озиқ-овқат, шунингдек, шифокор тавсиясига кўра қўшимчалар ёрдамида тўлдириш мумкин [5].
- Жисмоний фаоллик ва чўзилиш машқлари. Ўрта даражадаги юкламалар - пиёда юриш, сузиш, йога каби машғулотлар қон айланишини яхшилайди. Айниқса, уйқуга ётишдан олдин чўзилиш машқларини бажариш жуда фойдалидир [6].
- Оёқларни кўтариш. Оёқларни кўтариб ухлаш веноз босимни пасайтиради ва тунда томир тортишиши хавфини камайтиради[7].
- Илиқ сувли ванналар ва массаж. Мунтазам массаж ва илиқ сувли ванналар мушакларни бўшаштиради ҳамда микроциркуляцияни яхшилайди, бу эса тортишишларнинг олдини олади [8].
- Дори-дармон билан даволаш. омир тортишишини келтириб чиқарадиган сабабларни бартараф этиш учун шифокор венотониклар (масалан, Детралекс) ва магний препаратларини қўллашни буюриши мумкин.
Хулосалар
Варикоз касаллигидаги тортишишлар кенг тарқалган, аммо бошқариш мумкин бўлган ҳолат ҳисобланади. Улар қон айланишининг бузилиши, мушаклардаги ўзгаришлар ва микроэлементлар етишмовчилиги билан боғлиқ. Шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш, варикозни тўғри даволаш ва профилактика чораларига амал қилиш тортишишларнинг такрорланишини ва кучини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради.
- «The relationship between nocturnal leg cramps and chronic venous disorders» — https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov/11141650/
- «The pathology of muscle in varicose vein disease» — https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov/146395/
- «Great Saphenous Vein Reflux and Night Cramps: A Prospective Study» — https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov/36526075/
- «Chronic venous disease» — https://bestpractice.bmj.com/topics/en-gb/630
- «Muscle Spasms (Muscle Cramps)» — https://my.clevelandclinic.org/health/diseases/muscle-spasms-muscle-cramps
- «Varicose veins» — https://www.nhs.uk/conditions/varicose-veins/
- «Nocturnal muscle cramps» — https://www.uptodate.com/contents/nocturnal-muscle-cramps
- «Leg cramps» — https://www.nhs.uk/conditions/leg-cramps/
- Инструкция по применению препарата Детралекс